ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2024 йилда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш соҳасида эришилган асосий ютуқлар, шунингдек, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди.
Агентлик томонидан очиқлик соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва ижросини таъминлаш борасида тизимли таҳлилларга асосланган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, ўтган даврда очиқликни таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчилик илғор халқаро талабларга мувофиқ такомиллаштирилиб, хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибаси амалиётга самарали жорий этилди.
Таҳлилларга кўра, 2023-2024 йилларда қабул қилинган 51 та қонунчилик ҳужжатларида очиқлик ва шаффофлик механизмларини жорий этишга қаратилган 86 та вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган.
Улардан 49 тасида амалдаги механизмлар очиқлик принциплари асосида такомиллаштирилган бўлса, 37 таси бўйича янги амалиёт йўлга қўйилди.
Қонунчиликнинг такомиллаштирилиши долзарб маълумотларнинг илғор хорижий тажрибага мос равишда очиқланиши ҳамда вакиллик органларининг сайловчилар олдидаги ҳисобдорлик маданиятини янги босқичга кўтариш имконини берди.
Мисол учун, 2024 йилда Парламент палаталарининг барча мажлислари (55 та) ва ҳудудий Кенгашлар томонидан ўтказилган 907 та сессиялар, шунингдек илмий кенгашларнинг 1.130 та докторлик (PhD, DSc) илмий даражаларини ҳимоя жараёнлари телеканаллар ва Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилди.
Кўрилган чоралар натижасида халқаро “Open Data Inventory” Очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон 70 балл билан жаҳонда 30-ўринни, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллаган.
Агентлик томонидан давлат идораларининг очиқ маълумотларни ўз вақтида жамоатчилик учун эълон қилиб борилиши устидан доимий мониторинг олиб борилди.
Жумладан, 2024 йил якунлари бўйича юзга яқин вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтлари мунтазам мониторинг қилиниб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 44 та тақдимнома киритилган.
Мазкур тақдимномаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишига йўл қўйган вазирлик ва идораларнинг 1 нафар ходими интизомий жавобгарликка тортилган.
Агентлик томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга идоравий миқёсда очиқ маълумотларни ишлаб чиқиш, қайта ишлаш ва кенг жамоатчиликка эълон қилиш тизимини яратиш ҳамда соҳада қонунчилик тизимини янада такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
16 июндаги ПФ-6247-сон фармони билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг рўйхати тасдиқланган.
Рўйхатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг тури, жойлаштириладиган ахборот ресурслари ва даврий янгилаб бориш муддатлари аниқ белгиланган.
Бироқ, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг эълон қилиш шаклига нисбатан ягона ёндашувнинг мавжуд бўлмагани ҳамда соҳада масофавий мониторинг ўтказиш, натижаларини расмийлаштириш, кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат даражасида тартибга солинмаганлиги сабабли, бу борада турли ёндашувларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган.
Шу каби ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги камчиликларни олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил
30 декабрдаги 910-сон қарори билан очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятни масофадан мониторинг қилиш тартиби тасдиқланиб, Низом асосида унинг барча тартиб-таомиллари белгилаб берилди.
Шунингдек, мазкур қарор билан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг намунавий шакллари тасдиқланиб, ушбу тоифадаги ахборотларни очиқ эълон қилиш шаклига нисбатан ягона ёндашув яратилди.
Шу билан бирга, 2024 йилда давлат органлари ва ташкилотларига очиқликни таъминлаш фаолиятини самарали ташкил этиш борасида мунтазам методик ва амалий ёрдам кўрсатилиб, масъул ходимлари ўқитилган.
Мисол учун, 2024 йил давомида вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларини ўқитишга қаратилган
11 та семинар ташкил этилиб, уларда 155 нафар соҳага масъул ходимларнинг малакаси оширилди.
Халқаро ташкилотлар (ЕХҲТ) кўмагида давлат хизматчиларини онлайн режимда ўқитишга мўлжалланган “E-learning” электрон платформаси тўлиқ ишга туширилиб, очиқликни таъминлашга масъул ходимларни ушбу платформада тизимли ўқитиш йўлга қўйилди.
2024 йилда платформа орқали давлат идораларининг 670 нафар
(510 нафар республика ва 160 нафар маҳаллий) ходимлари ўқитилиши таъминланиб, уларга сертификат тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони асосида очиқ маълумотлар кўлами янада кенгайтирилиб, соҳада жамоатчилик назоратини таъминлашга қаратилган янги механизмлар жорий этилди.
Жумладан, Фармонга мувофиқ бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган харажатлар сметаси, сарфланган маблағлар, шартномалар ҳамда қабул қилинган товарлар ва хизматлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, ушбу маблағлар ҳисобига амалга оширилган харажатлар, товарлар харид қилиш бўйича имзоланган шартномалар ҳамда улар асосида қабул қилинган товарлар, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар бўйича амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам даврийлик тамойиллари асосида мунтазам очиқланиши талаблари белгиланди.
Жорий йилнинг 25 апрель куни давлат органлари ва ташкилотларининг 2024 йил учун “Очиқлик индекси” натижалари эълон қилинди.
“Очиқлик индекси” Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2024 йилда очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги асосида баҳоланди.
Учинчи бор эълон қилинаётган “Очиқлик индекси” 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида баҳоланган.
Самарадорлик кўрсаткичлари 71 баллдан 100 баллгача баҳоланганлар - “яшил”, 55 баллдан 71 баллгача баҳоланганлар - “сариқ” ва 55 баллдан паст кўрсаткич қайд этганлар - “қизил” тоифаларга киритилади.
Жорий йилдаги баҳолашда жами 98 та республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирлик, қўмита, агентлик, инспекциялар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинган.
Якуний натижалар кенг жамоатчилик учун index.anticorruption.uz плафтформаси орқали эълон қилинди.
2024 йил учун “Очиқлик индекси”ни баҳолаш натижаларига кўра, 50 та давлат органи “яшил” (2023 йилда 31 та), 35 таси “сариқ” (43 та) ва 13 таси “қизил” (29 та) самарадорлик кўрсаткичларини қайд этган.
Жорий йил баҳолашда ўтган йилга нисбатан “яшил” тоифада баҳоланган давлат идоралари миқёси 21 %га кўпайиб, “қизил” тоифадагилар 15 %га (ижобий ўсиш кўрсатқичлари бўйича) камайган.
2022 йилдаги баҳолаш кўрсаткичларига нисбатан “яшил” тоифада баҳоланганлар 34 %га кўпайган бўлса, “қизил” тоифадагилар 18 %га (ижобий ўсиш кўрсатқичлари бўйича) камайган.
Таҳлилларга кўра, бу йил рейтинг натижалари ўртача 70 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 8 баллга ошган.
Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ (91 балл), Солиқ қўмитаси (90 балл), “Ўзавтосаноат” АЖ
(89 балл) ва “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (89 балл) томонидан кўрсатилган.
Умумий таҳлилларга кўра, фаолият самарадорлиги “яшил” тоифадаги давлат идоралари сони ўтган йилга нисбатан 19 тага (21 %га) ортган. Эътиборлиси, 2023 йил якуни бўйича “қизил” тоифага киритилган айрим давлат идораларининг бу борадаги фаолиятида кескин ижобий ўсиш кузатилди.
Шунингдек, “Ўзсувтаъминот” АЖ, Адлия вазирлиги ва Марказий банк (84 балл) “яшил”, Кадастр агентлиги ва Энергетика вазирлиги (70 балл), “Ўзбектелеком” АК (69 балл), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги
(67 балл) “сариқ”, Фарғона вилояти ҳокимлиги (54 балл), “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (52 балл), Кинематография агентлиги (30 балл) ва Андижон вилояти ҳокимлиги (28 балл) “қизил” тоифада баҳоланган.
Республика даражасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (32 балл), Гидрометеорология хизмати агентлиги (45 балл), Оила
ва хотин-қизлар қўмитаси (50 балл) ва Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (51 балл) қайд этиб, “қизил” тоифада баҳоланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатишни таъминлаш белгиланган.
Шунга кўра, 2024 йил давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан маҳаллий халқ депутатлари Кенгаши сессиялари жонли эфирга узатилиши мунтазам мониторинг тартибида ўрганиб борилди.
Очиқлик соҳасида хорижий давлатларнинг тажрибаси ва илғор халқаро стандартлар талаблари ўрганилган ҳолда, Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тўлдириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Очиқ маълумотлар кўламини кенгайтириш ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тўлдириб бориш билан бирга, янги платформа ва очиқ маълумотлар тўпламлари асосида яратилган мобил иловалар асосида амалиётга жорий этиш режалаштирилмоқда.